Yoshlar parlamenti Nizomi va Reglamenti

O'zbekiston Respublikasi Yoshlar parlamenti nizomi va reglamenti haqida ma'lumot

Yoshlar parlamenti nizomi va reglamenti haqida

O'zbekiston Respublikasi Yoshlar parlamenti nizomi Yoshlar parlamentining maqsadi, vazifalari, tuzilishi, faoliyatini tashkil etish tartibi va vakolatlarini belgilaydi. Nizom Yoshlar parlamentining huquqiy asosi hisoblanadi.

Yoshlar parlamenti reglamenti esa Yoshlar parlamentining ish tartibi, majlislarni o'tkazish, qarorlar qabul qilish, qo'mitalar faoliyatini tashkil etish va boshqa protsedura masalalarini tartibga soladi.

Yoshlar parlamenti nizomi va reglamenti Yoshlar parlamenti a'zolari tomonidan qabul qilinadi va O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi tomonidan tasdiqlanadi.

Me'yoriy hujjatlar

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2025 йил 26 февралда қабул қилинган 574–V-сонли Қарорига 1-илова

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти тўғрисидаги низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти (бундан буён матнда Ёшлар парламенти деб юритилади) юридик шахс мақомига эга бўлмаган маслаҳат органи бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ҳисобдордир.

2. Ёшлар парламенти ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда қарорларига, шунингдек ушбу Низомга мувофиқ ташкил этади.

3. Ёшлар парламенти бир юз эллик нафар аъзодан иборат.

4. Ёшлар парламенти ўз фаолиятини Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддати давомида амалга оширади.

5. Ёшлар парламенти ўз логотипига эга бўлади.

6. Ёшлар парламентининг расмий номи:

а) давлат тилидаги:

тўлиқ номи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти; қисқартирилган номи – Ёшлар парламенти;

б) рус тилидаги:

тўлиқ номи – Молодежный парламент при Законодательной палате Олий Мажлиса Республики Узбекистан; қисқартирилган номи – Молодежный парламент;

в) инглиз тилидаги:

тўлиқ номи – Youth Parliament under the Legislative Chamber of the Oliy Majlis of the Republic of Uzbekistan; қисқартирилган номи – Youth Parliament.

2-боб. Ёшлар парламентини тузишдан мақсад, Ёшлар парламентининг асосий вазифалари ва функциялари

7. Ёшлар парламентини тузишдан мақсад ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишдан иборат.

8. Ёшлар парламентининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш;

Қонунчилик палатасининг назорат-таҳлил тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш;

ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш;

ёшлар иштирокида долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш;

қонун ижодкорлиги масалалари, шунингдек қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари бўйича амалий муҳокамаларни ташкил этиш;

ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш мақсадида ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир ишларни амалга оширишда кўмаклашиш.

9. Ёшлар парламенти ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ёшларга оид қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлайди ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Қонунчилик палатаси ёки унинг тегишли қўмитаси таклифига асосан Қонунчилик палатасининг назорат-таҳлил тадбирларини амалга оширишда иштирок этади;

ёшларни ўйлантираётган масалалар юзасидан уларнинг иштирокида муҳокамаларни ўтказади;

Ёшлар парламенти аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида малака ошириш курслари ва ҳамкорликда турли тадбирларни ташкил этади;

ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш мақсадида турли тадбирларни ташкил этади ва ташаббусларни илгари суради;

ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш мақсадида кенг тарғибот тадбирларини амалга оширади;

Қонунчилик палатасининг фаолияти ва қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси (бундан буён матнда Ёшлар масалалари бўйича комиссия деб юритилади) розилиги асосида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлар парламентлари ҳузурида тузилган ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш чораларини кўради;

хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни амалга оширишда Қонунчилик палатасига, шунингдек Ёшлар масалалари бўйича комиссияси розилиги асосида бошқа мутасадди ташкилотларга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2025 йил 26 февралда қабул қилинган 574–V-сонли Қарорига 2-илова

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Регламенти

І БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Регламенти (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг (бундан буён матнда Ёшлар парламенти деб юритилади) мажлисларини ўтказиш, Ёшлар парламенти органларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди ва Ёшлар парламентининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ички тартиб-қоидаларига доир бошқа масалаларни тартибга солади.

2. Ёшлар парламенти бир юз эллик нафар аъзодан иборат.

3. Ёшлар парламентининг фаолияти масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.

4. Ёшлар парламентининг аъзоси бир пайтнинг ўзида Қонунчилик палатасининг депутати, Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутати бўлиши мумкин эмас.